Мирзиёев ва Тўқаев Хивада музокара ўтказди (видео)
Жамият
−
05 Апрель
7889Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Хивада учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.
Билдирилишича, суҳбат давомида Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ҳар томонлама амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. Кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, илгари олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ инвестиция битимлари ва савдо шартномаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Давлат раҳбарлари машинасозлик, энергетика, транспорт ва логистика, кончилик, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқлардаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш юзасидан Бош вазирлар ўринбосарлари, Ҳукуматлараро комиссия ҳузуридаги ишчи гуруҳлар ҳамраисларининг ҳисоботларини тинглаган.
Президентлар товар айирбошлашни кўпайтириш, саноат кооперацияси бўйича узоқ муддатли дастурни шакллантириш ҳамда транспорт ва энергетикада инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ топшириқ берган.
Жорий йилда Саноат кооперацияси халқаро марказини ташкил этиш бўйича амалий ишларни бошлаш, қўшма ташқи савдо компанияси фаолиятини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланган.
Гуманитар ва туризм алоқаларини ривожлантириш, ёшлар иштирокида маданият, таълим ва спорт соҳаларида қўшма тадбирлар ўтказиш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.
Минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан фикр алмашилган.
Икки ва кўп томонлама шаклдаги бўлажак қўшма тадбирлар режаси кўриб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Хоразмга етиб келганини маълум қилган эдик.
LiveБарчаси