Мирзиёев ва Медведев учрашувида муносабатларни чуқурлаштириш бўйича интилиш қатъий экани айтилди

Жамият 1927
image

Бироз аввал, Россия Федерацияси Бош вазири Дмитрий Медведев Тошкентга келгани ҳақида хабар берган эдик. 

Бугун, 1 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Дмитрий Медведевни қабул қилди. 

Ўзбекистон раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, кўп асрлик дўстлик, ўзаро ишонч, ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш анъаналарига асосланган Ўзбекистон-Россия муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Дмитрий Медведев самимий қабул ҳамда мамлакатларнинг кўп қиррали муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратаётган эътибори учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдириб, Россия Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда таъкидланганидек, аввало олий даражада йўлга қўйилган фаол муносабатлар ва конструктив мулоқот икки томонлама ҳамкорликни мисли кўрилмаган даражага кўтариш ва уни янги амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилиб келмоқда. 

Савдо-иқтисодий, инвестициявий ва кооперацион алоқалар изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Нефть-газ, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувлар, жумладан, фан, таълим ва туризм соҳасидаги шериклик кенгаймоқда.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Томонларнинг БМТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилиши таъкидлаб ўтилди.

Бўлажак олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўриш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш борасидаги ўзаро интилиш қатъий экани тасдиқланди.
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 39
Рейтинг: 2.9
t
×
×