Мирзиёев ва Макрон ўзаро совғалар алмашди (видео)
Жамият
−
12 Март 7039 1 дақиқа
Бугун, 12 март куни Елисей саройидаги олий даражадаги учрашув чоғида Президент Шавкат Мирзиёев Президент Эммануэль Макронга буюк француз ёзувчиси Виктор Гюгонинг ўзбек тилига таржима қилинган “Кулаётган одам” романининг илк нусхасини совға қилди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Билдирилишича, ушбу китоб оммавий нашрдан чиқиши ва тез орада китобхонлар эътиборига ҳавола этилиши кутилмоқда.

Макрон эса Мирзиёевга тарихий суратни совға қилди. Ўзбекистон етакчисига ХIХ аср охирида француз фотографи томонидан суратга олинган Ўзбекистон манзараси акс этган расм совға қилинди.
Елисей саройидаги тадбирлар доирасида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон юзма-юз учрашиб, икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган келишувлар ва қабул қилинган ҳужжатларни амалга ошириш бўйича келгусидаги чора-тадбирларни муҳокама қилди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилди. Давлат раҳбарлари ҳузурида Мутахассислар ва талабалар ҳаракатчанлиги тўғрисидаги ҳукуматлараро битим алмашилди.