Мирзиёев ва Эрдўған ёлғиз музокара ўтказди
Жамият
−
19 Февраль 2020
5243Аввалроқ, Анқара шаҳрида Ўзбекистон Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлгани, Шавкат Мирзиёев шарафига фахрий қоровул саф тортгани ҳақида хабар берган эдик.
Кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг тор доирадаги учрашуви бошланди. Унда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзаро манфаатли имкониятларни ишга солиш, янги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш учун Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишларини мунтазам ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Транспорт соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш, Туркия орқали Европага мультимодал халқаро ташувларни йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.
Интенсив боғдорчилик, балиқчилик, чорвачилик, наслчилик йўналишларида Туркиянинг илғор тажрибасини ўзлаштириш, университетлар ва илмий марказлар билан қўшма тадқиқотлар олиб бориш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистонда замонавий қўшма клиникалар ва диагностика марказлари ташкил этиш, кичик бизнес, тўқимачилик каби йўналишларда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш таклифи кўриб чиқилди.
Самимий руҳда ўтган учрашувда икки томонлама сиёсий мулоқот ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилиш қатъий экани яна бир бор тасдиқланди. Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
LiveБарчаси