Мирзиёев ва Алиев учрашувида Шароф Рашидов хотирланди
Жамият
−
16 Октябрь 2019
8693Хабарингиз бор, жорий йилнинг 14-15 октябрь кунлари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг еттинчи саммитида иштирок этиш учун Озарбайжон пойтахти Баку шаҳрига борган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан учрашув ўтказди. Мазкур учрашувда атоқли давлат арбоби, кўп йиллар Ўзбекистон ССРни бошқарган раҳбар, ёзувчи ва шоир Шароф Рашидович Рашидов хотирланди.
“Биз Озарбайжон халқининг буюк фарзанди Ҳайдар Алиев билан ҳамиша фахрланамиз. Ўзбекистонда уни эҳтиром билан хотирлашади. Мен у билан ишлаган одамлар билан кўп суҳбатлашганман. У ҳар доим ўзбек халқига ҳурмат билан муносабат бўлган. Ҳайдар Алиев Шароф Рашидович билан кўп бор учрашиб, кўплаб қийин масалаларни биргаликда ечишган. Бугун орамизда ҳаёт бўлганлар Ҳайдар Алиевнинг ҳар қандай вазиятда Ўзбекистонга ҳурмат билан муносабат бўлгани, қўллаб-қувватлаганини айтишади. Бизда “ўзбек иши” юзага келган оғир йилларда Ҳайдар Алиев бошқалардан фарқли ўлароқ ўзбек халқи ҳақида ўз шахсий фикрига эга бўлган”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Ўз навбатида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини тасдиқлади.
“Сиз мутлақо ҳақсиз. У ўзбек халқига катта ҳурмат ва муҳаббат билан муносабатда бўлган. Мен ўсмирлик чоғларимда унинг Шароф Рашидович Рашидов билан яқин дўстлигига гувоҳ бўлганман. Улар ака-укалардек дўст бўлдилар. Қайта қуриш йилларида муайян гуруҳлар томонидан олиб борилган сиёсат уларга оғир таъсир кўрсатганди. Бунга бош бўлган “таниқли” шахслар Гдлян ва Иванов эди. Улар фақат Ўзбекистонни эмас, барчамизга катта зарар етказишган. Бу Совет иттифоқининг туркий тилли республикаларга қарши атайлаб уюштирган ҳужуми эди. Бу ҳужумлар Озарбайжонни ҳам четлаб ўтмади. Улар Ўзбекистондагидек воқеаларни Озарбайжонда ҳам амалга оширишга ҳаракат қилдилар. Аммо бунга вақтлари етмади”, дейди Президент Илҳом Алиев.
Суҳбат давомида Президент Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиевни Ўзбекистонга таклиф қилган. Озарбайжон раҳбари ушбу таклифни мамнуният билан қабул қилиб, яна бир бор Ўзбекистонга келишдан хурсанд бўлишини айтган.
LiveБарчаси