Мирзиёев ва Алиев Ҳайдар Алиев боғини ва барельефини очиб бердилар (фоторепортаж)

Жамият 12069
image

Бугун, 21 июнь куни пойтахт Тошкентда Озарбайжон Республикасининг умуммиллий лидери Ҳайдар Алиев номидаги боғ ва марҳум Президент хотирасига ўрнатилган барельеф очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев иштирок этди. 

Янги боғ Тошкентнинг Миробод тумани Темирйўлчилар кўчасида қурилмоқда. Бу ерда Ҳайдар Алиев барельефи ўрнатилади. Боғнинг умумий майдони 0,51 гектарни ташкил этади. 

Маълумки, бугун, 21 июнь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Бу Илҳом Алиевнинг охирги 12 йилликда Ўзбекистонга амалга ошираётган илк ташрифи. Озарбайжон раҳбарининг 2010 йилнинг 27-28 сентябрь кунлари Ўзбекистонга ташрифи доирасида Тошкентда шаҳрида Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази иш бошлаган эди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 15 октябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 7-саммитида иштирок этиш учун Озарбайжоннинг Баку шаҳрига бориб, Президент Илҳом Алиев билан учрашув ўтказганди. Ушбу учрашувда Мирзиёев Алиевни Ўзбекистонга таклиф қилганди. 

Икки давлат раҳбарларининг учрашувида Шароф Рашидов ва Ҳайдар Алиев ўртасидаги самимий дўстона муносабатлар тилга олинганди. 

“Биз Озарбайжон халқининг буюк фарзанди Ҳайдар Алиев билан ҳамиша фахрланамиз. Ўзбекистонда уни эҳтиром билан хотирлашади. Мен у билан ишлаган одамлар билан кўп суҳбатлашганман. У ҳар доим ўзбек халқига ҳурмат билан муносабат бўлган. Ҳайдар Алиев Шароф Рашидович билан кўп бор учрашиб, кўплаб қийин масалаларни биргаликда ечишган. Бугун орамизда ҳаёт бўлганлар Ҳайдар Алиевнинг ҳар қандай вазиятда Ўзбекистонга ҳурмат билан муносабат бўлгани, қўллаб-қувватлаганини айтишади. Бизда “ўзбек иши” юзага келган оғир йилларда Ҳайдар Алиев бошқалардан фарқли ўлароқ ўзбек халқи ҳақида ўз шахсий фикрига эга бўлган”, деган эди Шавкат Мирзиёев.

Ҳайдар Алиев 1923 йилда Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида таваллуд топган. 1993-2003 йилларда Озарбайжон Республикаси Президенти лавозимида фаолият юритган. Унинг раҳбарлигида собиқ иттифоқ мустамлакасидан чиққан Озарбайжон сиёсий, иқтисодий, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларида қатор ютуқларга эришди. У 2003 йил 12 декабрь куни вафот этди. Мамлакат Президенти лавозимини эса Ҳайдар Алиевнинг ўғли Илҳом Алиев эгаллади ва Ҳайдар Алиев мамлакатнинг умуммиллий лидери сифатида қабул қилинди. Марказий кўчалар, боғлар, аэропорт, таълим муассасаларига Ҳайдар Алиев номи берилди. Шаҳарлар марказларида Ҳайдар Алиев номидаги санъат саройлари ташкил этилди. Барча туманларда, жумладан дипломатик алоқалар ўрнатилган бир қатор мамлакатларда Ҳайдар Алиев номидаги маданият марказлари очилди.  

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 182
Рейтинг: 3.1
t
×