Мирзиёев Ўзбекистоннинг XIX асрга келиб қарамликка тушиб қолиши сабабларини айтди
Жамият
−
01 Октябрь 2020
14053Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг ўн тиққизинчи асрга келиб қарамликка тушиб қолиши сабабларига тўхталди. Бу ҳақда у 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида гапирган.
“Минг афсуски, ўн олтинчи асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Марказий Осиё заминида ички уруш ва низолар, ҳокимият учун кураш авж олди. Айирмачилик ва маҳаллийчилик кучайди, маърифат ўрнига жаҳолат илдиз отди. Натижада бир пайтлар гуллаб-яшнаган ўлкамизда ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий инқироз юзага келди. Илм-фан ва тафаккур машъали сўна бошлади. Юртимизнинг ўн тўққизинчи асрга келиб қарамликка тушиб қолишида айни шундай салбий ҳолатлар асосий сабаб бўлгани ҳаммамизга яхши аён”, дейди Президент.
Унинг армон билан таъкидлашича, Ўзбекистонда учинчи Ренессансни йигирманчи асрда маърифатпарвар жадидлар амалга ошириши мумкин эди. Чунки, улар бутун умрини миллий уйғониш ғоясига бағишлаб, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, миллатни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этган.
“Шу йўлда улар ўзларининг азиз жонларини ҳам қурбон қилдилар. Улар “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас” деган ҳадиси шарифни ҳаётий эътиқод деб билдилар. Миллий истиқлол, тараққиёт ва фаровонликка, аввало, маърифат орқали, дунёвий ва диний билим, замонавий илм-ҳунарларни чуқур эгаллаш орқали эришиш мумкин, деб ҳисобладилар.
Бу даврда Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Ибрат домла, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ашурали Зоҳирий, Ҳожи Муин ва бошқа яна юзлаб улуғ инсонлар миллий уйғониш ва миллатпарварлик ҳаракатининг олдинги сафларида турдилар. Улар янги усул мактаблари билан бир қаторда, одамларнинг дунёқараши ва турмуш тарзини ўзгартиришга қаратилган газета-журналлар, нашриёт ва кутубхоналар, театрлар ташкил этдилар.
Минг афсуски, жадид боболаримиз ўз олдига қўйган эзгу мақсадларни амалга оширишга мавжуд вазият, ижтимоий тузум йўл бермади. Маърифат фидойилари ўша даврнинг турли жоҳил кимсаларининг туҳмат-маломатларига дучор бўлдилар. Аввал чор ҳукумати, кейинчалик совет ҳукумати уларни аёвсиз қувғин ва қатағон қилди. Шу тариқа миллий уйғониш ва тараққиёт ҳаракати эл-юртимиз учун армон бўлиб қолди”, дейди Президент Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, Ватанистиқлоли, халқнинг озодлиги ва эркинлиги, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида фидокорлик кўрсатиб, миллий таълим ва тарбия тизимини яратишга беқиёс ҳисса қўшган Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов Президент фармонига биноан “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь