Мирзиёев Ўзбекистонда кутилаётган янги хавф ҳақида гапирди

Жамият

image

Ўзбекистонда жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги эса 40 фоизга камайиши кутилмоқда. Бу хавф ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илк бор 19 сентябрь куни бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида сўз очди. 

Давлат раҳбари ҳозирги вақтда дунёда кескин экологик вазият кузатилаётгани, сайёра миқёсида учта инқироз – иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучайиб бораётганини урғулади. 

Ана шундай мураккаб шароитда Орол денгизи фожиасига қарши курашни давом эттираётган Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари олдида энг заиф минтақалардан бирига айланиб бораётганини афсус билан таъкидлади. 

“Глобал муаммо бўлган Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўлида Ўзбекистон ўз имкониятлари даражасида ҳаракат қилмоқда. Сўнгги йилларда Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 миллион гектар майдонда қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат яшил ҳудудлар барпо этилди. Бу саъй-ҳаракатларимизни давом эттириш учун халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим”, дейди Мирзиёев.

Мирзиёевнинг келтиришича, кейинги 30 йилда минтақада ҳаво ҳарорати бир ярим градусга кўтарилган. Бу – дунёдаги ўртача исишдан икки карра кўпдир. 

“Оқибатда музликлар умумий майдонининг қарийб учдан бир қисми йўқолиб кетди. Ушбу тенденция сақланиб қолса, яқин йигирма йилда минтақамиздаги иккита йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши мумкин. Жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги эса 40 фоизга камайиши кутилмоқда.

Агар ўз вақтида таъсирчан чораларни кўрмасак, ушбу муаммолар оқибатлари минтақамиздаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликка жиддий путур етказади”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Президенти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилишини қўллаб-қувватлашини билдирди. 

“Марказий Осиё сувни тежайдиган технологиялар платформасини яратиш жараёнида “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – сув ресурслари” механизмини ишга солиб, энг илғор технологияларни жалб этиш ва татбиқ қилиш тарафдоримиз”, дейди Президент.

Шунингдек, у, иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган “Марказий Осиё иқлим мулоқоти”ни жорий этишни таклиф қилди.

“Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурамиз. Унинг асосий мазмунини келгуси йил Самарқандда бўлиб ўтадиган халқаро иқлим форумида муҳокама қилишни таклиф этамиз.

Шу ўринда таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқларини иқлим ўзгаришларига мослаштириш, углерод нейтраллигига эришиш ва “яшил” энергетика улушини кескин ошириш биз учун стратегик вазифа бўлиб қолади”, дейди Президент Мирзиёев. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг