Мирзиёев Уммон ТИВ раҳбарини қабул қилди

Жамият

image

Бугун, 24 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Уммон Султонлиги ташқи ишлар вазири Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидийни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, суҳбат аввалида вазир Мирзиёевга Уммон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саиднинг самимий саломи ва мактубини етказган. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестиция-молиявий соҳалардаги шериклик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалалари кўриб чиқилган.

Идоралараро ва ишбилармонлик алоқалари фаоллашгани мамнуният билан қайд этилган. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар сони ортмоқда, икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокидаги бизнес тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда. Ўзбекистон- Уммон инвестиция компанияси портфелини янги кооперация лойиҳалари ҳисобига кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Маълум қилинишича, жорий йил апрель ойида Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва қўшма бизнес форуми ўтказилади.

Бундан ташқари, парламентлараро алоқаларни, маданий-гуманитар алмашинувни ривожлантириш, тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланган.

Минтақавий кун тартиби, шу жумладан жорий йил май ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган "Марказий Осиё - Кўрфаз давлатлари" мулоқотининг иккинчи саммитига тайёргарлик юзасидан фикр алмашилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон жорий йилнинг 31 март куни тарихда илк бор уч томонлама саммит ўтказиши маълум қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Уммон Султонлиги ТИВ раҳбари Ҳамад ал-Бусаидий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг