Ўзбекистон Туркиядан “Bayraktar TB2” жанговар дронини олгани маълум бўлди
Жамият
−
16 Ноябрь 2023
24372Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмга ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 16 ноябрь куни давлат раҳбари Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмда яратилган шароитлар, чегарани қўриқлашда қўлланилаётган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни кўздан кечирган. Бунда учувчисиз учиш аппаратларининг аҳамияти алоҳида таъкидланган, уларни ишлаб чиқариш масалалари муҳокама қилинган.
Шунингдек, Президентга Қуролли Кучларнинг салоҳиятини ошириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шахсий таркибнинг шайлиги, замонавий қурол-аслаҳалар, учувчисиз учиш аппаратларини бошқариш ҳамда уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилган.
Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонига, хусусан, “Bayraktar TB2” разведка-зарба учувчисиз учиш аппаратининг парвози намойиш этилган.
Bayraktar дрони
“Bayraktar TB2” – Туркиянинг Baykar Makina компаниясининг узоқ парвоз қила оладиган ҳужумкор разведкачи дрони. Унинг максимал тезлиги 222 км/соат, қанотлари кенглиги 12 м, қурилма ҳавода 24 соатгача туриши мумкин, дроннинг амалий шифти эса 8,2 минг м.
Дрон учиш масофаси 0,5 дан 8 кмгача бўлган иккита лазерли бошқариладиган UMTAS танкга қарши ракеталари ёки Туркиянинг Roketsan компаниясининг тўртта Bozok, MAM-C ёки MAM-L бошқариладиган аниқ бомбалари билан қуроллантирилади.
Бундай турдаги дронлардан Қорабоғ, Сурия ва Ливиядаги жанговар ҳаракатларда фойдаланилган. Айни пайтда “Bayraktar TB2” дронлари Озарбайжон, Қатар, Ливия, Марокаш, Польша, Жибути, Украина армиялари ҳамда Қирғизистон Чегара хизматида мавжуд.
ОАВ маълумотларига кўра, ушбу қурилмалар аллақачон 22 давлатга, жумладан Марокаш, Нигер ва Эфиопияга сотилган.
“Bayraktar” дронларининг муаллифи Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг куёви Селчук Байроқдор ҳисобланади.