Мирзиёев Туркия Миллий мудофаа вазирини қабул қилди
Жамият
−
26 Июнь
3730Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 26 июнь куни амалий ташриф билан мамлакатда бўлиб турган Туркия Миллий мудофаа вазири Яшар Гулер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида Туркия мудофаа идораси раҳбари Ўзбекистон етакчисига Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
"Анқара шаҳрига 5-6 июнь кунлари амалга оширилган олий даражадаги ташриф чоғида эришилган келишувларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди", дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, яқин идоралараро алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма тадбирлар ташкил этиш, ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, хавфсизлик соҳасида, терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
"Минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, шу жумладан Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди", дейилади хабарда.
LiveБарчаси