Мирзиёев Тошкентга қайтяпти. У сўнгги учрашувни тадбиркорлар билан ўтказди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сингапурга ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг етакчи компания ва ташкилотлари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Тадбирда Сингапур меҳнат вазири – савдо ва саноат иккинчи вазири Ленг Си Танг, Сингапур бизнес федерацияси раиси Минг Ян Лим, ушбу мамлакатнинг Indorama, Meinhardt group, CPG Corporation, Changi Airports, Сингапур менеджментни ривожлантириш институти, TMC Academy, Virtus Health каби 15 та йирик компаниялари раҳбарлари иштирок этган.

Мирзиёев учрашув иштирокчиларини қутлаб, унинг янги 2023 йилдаги илк ташрифи айнан Сингапурга бўлаётгани Ўзбекистоннинг ушбу мамлакат билан мустаҳкам ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга алоҳида эътиборидан далолат эканига эътибор қаратган.

Президент Матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда Ўзбекистон-Сингапур бизнес форумининг натижалари мамнуният билан қайд этилган: унинг доирасида умумий қиймати қарийб 5 миллиард долларлик янги инвестиция, савдо ва молиявий келишувлар имзоландган

“Бу ҳамкорлигимиз анча фаоллашганидан, муваффақиятли кечаётганидан, Ўзбекистон-Сингапур муносабатлари амалий ва сифатли мазмун билан бойиганидан далолат беради”, дейди Президент.

Лекин шериклик салоҳияти ҳали тўлиқ ишга солинмаган. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, мамлакатлар икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга қодир.

“Сингапур компанияларининг илғор тажрибаси бизда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ишончим комилки, сингапурлик ҳамкорларнинг инновация ва технологиялари Ўзбекистоннинг ресурслари ва кадрлар салоҳиятига қўшилса, бўлажак қўшма лойиҳалар барқарор ривожланади”, дейди Мирзиёев.

Учрашувда Ўзбекистон етакчиси узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун энг истиқболли йўналишларни кўрсатиб ўтган. Сингапур компанияларининг Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларида иштироки, шаҳар ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, кимё ва тўқимачилик, “яшил” иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа йўналишлардаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш шулар жумласидан.

Ўзбекистон Сингапур тадбиркорларини зарур ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлаш, имтиёзлар ва кафолатли харидлар шаклида кенг қўллаб-қувватлаш, бошқа кўмак чораларини тақдим этишга тайёр экани билдирилган.

Мамлакатдаги ислоҳотлар хорижий ҳамкорлар орасида Ўзбекистоннинг ишончли ва барқарор шерик сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилганини таъкидлаб, Президент Шавкат Мирзиёев сингапурлик ишбилармонларни ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун очилаётган имкониятлардан фойдаланиш ва Ўзбекистон иқтисодиётига фаол инвестиция киритишга чақирди.

Ишбилармонлар делегациясининг ҳар бир аъзоси билан суҳбатлашиб, давлат раҳбари тадбиркорларни яратилган қулай инвестиция муҳити билан шахсан танишиш учун Ўзбекистонга таклиф қилган.

Учрашув якунида Ўзбекистон томони мутасаддиларига тадбирда айтилган барча лойиҳаларни, уларни амалга оширишнинг босқичма-босқич механизмларини, аниқ муддат ва ижрочиларини киритган ҳолда тегишли Амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилган.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга самарали давлат ташрифи якунига етди.

“Чанги” халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Сингапурнинг расмий шахслари кузатиб қўйди. Шавкат Мирзиёев Тошкентга жўнаб кетди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг