Мирзиёев Тошкентдаги тиббиёт марказига борди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги кўп тармоқли тиббиёт марказини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

“Бу клиникани мамлакатимиз тиббиётида янги босқич дейиш мумкин. 202 миллион долларлик лойиҳа эвазига 6 та бино бунёд этилиб, энг замонавий шароитлар яратилган. Тиббий технологиялар Германиянинг компанияси томонидан лойиҳалаштирилган”, дейилади хабарда.

Муассасада катталар учун 95 та ва болалар учун 33 та стационар ўрин, 1400 та қатновга мўлжалланган поликлиника ташкил этилган. Улар яқин ойларда ишга туширилади. Умуман, тиббиёт марказида 50 та тор мутахассислик бўйича хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.

Хусусан, марказда кардиология, ангиография, травматология, нейрохирургия, гинекология ва урология бўйича 5 та жарроҳлик хонаси бўлади. Уларда йилига 5 мингта юқори технологияли операцияларни амалга ошириш мумкин. Илғор ускуналар кам кесиш ва тез реабилитация қилиш имконини беради.

Қайд этилишича, давлат раҳбари бу шароитлар билан синчиклаб танишган. Марказни муайян йўналишлар бўйича таянч муассасага айлантириш, бу ердаги тажриба асосида шифокорлар малакасини ошириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берган.

Мажмуада беморларнинг яқинлари учун 120 ўринли меҳмонхона ҳам барпо этилган.

Хусусий тиббиёт ривожига яратилган имкониятлар натижасида мамлакатда нодавлат шифо масканлари сони 8 мингтадан ошган. Улар шуғулланиши мумкин бўлган тиббий йўналишлар 50 тадан 129 тага кенгайтирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев тиббиёт маркази

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг