Мирзиёев Тошкентдаги дренаж тизимига эътироз билдирди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида дренаж тизимини танқид қилди ва пойтахт масъулларига йил якунигача мастер-режа қилиб, тизимни сунъий ҳавзалар билан бирга қуриш бўйича дастур ишлаб чиқишни топширди. Бу ҳақда Давлат раҳбари бугун, 21 октябрь куни ўз раислигидаги "Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишда сўз очди. 

Хусусан, пойтахтда куни кеча ёғган кучли ёмғир ҳақиқий аҳволни кўрсатгани қайд этилди. Дренажни тўғрилашни ўзи етарли эмаслиги, сувни ҳавзаларда тўплаш тизимини қилиб, дарахтларни суғоришга ишлатиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланган.

Пойтахтдаги туман ҳокимлари жойларга чиқиб, дренаж, яшиллик, ободонлаштириш каби масалаларни тепасида туриб ўзи ҳал қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилган.

Бундан ташқари, пойтахтда дарахтларнинг касалланиши ҳам кўпайгани қайд этилди. Шаҳар ҳокимлигига йил якунигача мастер-режа қилиб, дренаж тизимини сунъий ҳавзалар билан бирга қуриш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилган.

Қизиқарлиси, жорий йилнинг 29 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар юзасидан йиғилишда Тошкент шаҳридаги дренаж тизими ёғингарчилик даврида аҳоли эътирозига сабаб бўлаётгани қайд этилганди. Шу муносабат билан шаҳар ҳокимлиги олдига дренаж тизимидаги энг муаммоли нуқталарда қурилиш ишларини якунлаш ҳамда 1 сентябрга қадар пойтахт дренаж тизими мастер-режасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди.

Маълумот учун, Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан 846,5 миллион сўм миқдоридаги пул ёғингарчиликлар даврида шаҳарда сув тошқинлари билан боғлиқ авариявий ҳолатларни зудлик билан бартараф этиш учун ажратилган. Мазкур маблағ керакли махсус механизм ва материалларни харид қилиш учун Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси тизимидаги Дренаж ва коллекторларни таъмирлаш ва сақлаш ихтисослаштирилган бошқармасига берилиши айтилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри дренаж тизими

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг