Мирзиёев Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосарини ишдан бўшатди
Жамият
−
02 Август 2023
13681Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Музаффар Файзиевни ишдан олди. Бу ҳақда Президентнинг вилоятга ташрифи доирасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг олти ойи давомида Тошкент вилоятида 440 миллион долларлик экспорт амалга оширилган. Аммо Янгийўл тумани, Бекобод ва Чирчиқ шаҳарларида тўқимачилик маҳсулотлари, Зангиота ва Юқори Чирчиқда электротехника маҳсулотлари, Олмалиқ шаҳрида қурилиш материаллари экспорти ўтган йилга нисбатан камайган.
Сўнгги уч йилда вилоятда саноат ҳажми 19 фоизга ўсиб, 94 триллион сўмга етган. Лекин ушбу даврда саноат маҳсулотлари Бекобод туманида 3,6 фоизга камайган бўлса, Паркентда бор-йўғи 2,6 фоизга ошган.
Ўтган уч йилда Зангиотанинг вилоят саноатидаги улуши 8,3 фоиздан 3,5 фоизга, Ангрен шаҳрида эса 7,5 фоиздан 4,8 фоизга камайган.
Жорий йилнинг олти ойида вилоятда хизматлар ҳажми 7,3 фоизга ўсган бўлсада, бу кўрсаткич Қибрай ва Янгийўл туманларида 1 фоизга ҳам етмаган. Жорий йилда қурилиши режа қилинган 114 та кўп қаватли уй-жойлардан бугунги кунгача атиги 9 таси фойдаланишга топширилган.
Шу ва бошқа камчиликларга йўл қўйгани, ишларни лозим даражада ташкил қилмагани учун:
- Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Файзиев, Қибрай тумани ҳокими М.Мирқосимов ва Янгийўл тумани ҳокими У.Ялгашев ҳамда ушбу туманларнинг 4 та сектор раҳбарларини лавозимидан озод қилиш;
- вилоят ҳокимининг саноат ва инвестицияларга масъул ўринбосари Н.Шарипов, қурилишга масъул ўринбосари Ш.Маҳмудовга ҳайфсан эълон қилишга кўрсатма берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев мамлакатда камбғалликни қисқартириш масаласига тўхталиб, ушбу вазифа битта вазирлик ёки агентликнинг иши эмаслигини таъкидлаган эди.
LiveБарчаси