Мирзиёев ТДТ Оқсоқоллар кенгаши раисини қабул қилди
Жамият
−
18 Февраль
3687Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 18 февраль куни Қувайтдан Тошкентга қайтгач, шаҳарсозлик соҳасидаги халқаро тадбирларда иштирок этиш учун мамлакатга келган Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси, таниқли сиёсатчи, Туркия Республикасининг собиқ бош вазири Бинали Йилдиримни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон Шавкат Мирзиёевга Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
“Кўп қиррали ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва илгари суришда Оқсоқоллар кенгашининг роли ва фаол иштироки ортиб бораётганини ҳисобга олиб, ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари якунида қабул қилинган дастур ва ташаббусларни амалга ошириш мақсадида амалий шерикликни кенгайтириш ва алоқаларни фаоллаштириш муҳим экани таъкидланган. ТДТ доирасидаги бўлажак тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш масалалари кўриб чиқилган.
Таъкидлаш жоизки, Оқсоқоллар кенгаши Туркий давлатлар ташкилоти ҳузуридаги доимий маслаҳат органи ҳисобланади. Туркий дунё шаҳарсозлик конгресси 2002 йилда Анқара шаҳрида ташкил этилган Муҳандис ва меъморлар уюшмаси томонидан ўтказилади. Уюшма фаолиятида Самарқанд ва Навоий шаҳарлари ҳокимликлари фаол иштирок этмоқда.