Мирзиёев Си Цзиньпинга таъзия билдирди

Жамият

image

Хитой жануби-ғарбидаги Шигацзе шаҳри Динжи уездида кучли зилзила оқибатида кўплаб одамлар ҳаётдан кўз юмгани ва жароҳат олгани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга таъзия йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

"Давлатимиз раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, жабрланганлар тез орада шифо топишини тилади", дейилади хабарда.

Бугун, 7 январь куни эрталаб соат 9:05 да Хитойнинг Тибет округида 7,1 магнитудали зилзила содир бўлганди. Зилзиладан кейин сейсмологлар 49 та ер силкинишини қайд этган. CCTV давлат телеканалига кўра, Дингри округи ва унинг атрофидаги ҳудудларда жуда кучли силкинишлар содир бўлган, эпицентр яқинидаги кўплаб бинолар қулаб тушган. Ерости силкинишлари Непал пойтахти Катмандудан 400 км узоқликда сезилиб, аҳоли уйларини ташлаб қочган.

Силкиниш Ҳиндистон шимолидаги Бихар штатида ҳам сезилган, бироқ расмийлар вайронагарчилик аломатлари ҳақида хабар бермаган.

Хитой Зилзила тармоқлари маркази (CENC) маълумотларига кўра, тоғли Ҳимолой минтақасида зилзилалар тез-тез учраб туради, бироқ бу галги зилзила сўнгги беш йил ичида 200 километр радиусда қайд этилган энг кучли зилзила бўлган.

Эслатиб ўтамиз, маҳаллий вақт билан 20:05 ҳолатига кўра, Дингри округидаги зилзила 95 кишининг ўлимига олиб келгани, 130 киши жароҳатлангани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Хитой Си Цзиньпин зилзила

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг