Мирзиёев сенатор Энахон Сиддиқова вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Сенати аъзоси – Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова шу йилнинг 13 январь куни вафот этган эди. Сенатор вафоти муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев ҳамдарлик билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

“Ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради. Ўзбекистон халқ шоири, Олий Мажлис Сенати аъзоси Энахон Сиддиқова шу йил 13 январь куни 68 ёшида вафот этди”, дейилади хабарда.

Энахон Сиддиқова 1954 йил 28 августда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида туғилган. 1976 йилда Фарғона давлат педагогика институти (ҳозирги Фарғона давлат университети)нинг филология факультетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1976 йилда ўқитувчиликдан бошлаб, Олтиариқ ва Фарғона туманларидаги мактабларда ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, мактаб директори бўлиб ишлади. Қатор йиллар Фарғона тумани ва Фарғона вилояти ҳокимликларида масъул вазифаларда ишлаб, хотин-қизларнинг турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, оила, оналик ва болаликни ижтимоий ҳимоя қилиш, баркамол авлод тарбияси йўлида фаоллик кўрсатди.

Шунингдек, истеъдодли шоира, жонкуяр жамоатчи сифатида танилди. Унинг кўп йиллик ижодий изланишлари маҳсули бўлган, азалий қадриятларга меҳр ва садоқат туйғуси маҳорат билан тараннум этилган “Қоракўз турналар”, “Кўнглим уфқлари”, “Сўз устидаги дунё”, “Эъзозли аёллар”, “Она ҳақида қўшиқ”, “Барханларда унган гул” сингари ўнлаб асарлари китобхонлар қалбидан муносиб жой эгаллади.   

Энахон Сиддиқова 2001 йилдан ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фарғона вилояти бўлими раҳбари сифатида ишлаб келди. У юзлаб ёшларга устозлик қилиб, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришда ташаббускор бўлди.

Хабарда Энахон Сиддиқованинг Фарғона вилоятида Ўзбекистон Қаҳрамони, ўзбек шоири Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабини ташкил этишда жонбозлик кўрсатгани урғуланган.

У 2015 йилдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси сифатида мамлакат тараққиёти учун зарур бўлган муҳим қонунларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга катта ҳисса қўшган.

Энахон Сиддиқова “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Дўстлик” орденлари билан тақдирланган эди. 

“Таниқли ижодкор, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Энахон Сиддиқованинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади хабарда.

Озода Чориева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг