Мирзиёев сайёҳлар оқимини кескин оширмоқчи. Марра 9 млн
Жамият
−
23 Август 2022
9665Келгуси беш йилда Ўзбекистонга келадиган сайёҳлар сонини ҳозирги 2 миллиондан 9 миллионга етказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкати Мирзиёев бугун, 23 август куни Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида Халқаро туризм марказининг очилишига бағишланган байрам тадбиридаги нутқида сўз очди.
"Бундан 3-4 йил олдин Самарқандга ташриф буюрадиган маҳаллий ва хорижий туристлар сони 500 минг нафардан ошмас эди. Ҳозирги кунда туризмни ривожлантириш бўйича ислоҳотларимиз, қулай инвестициявий муҳит яратиш бўйича саъй-ҳаракатларимиз туфайли Самарқандга келаётган хорижий туристлар сони 2 баробар кўпайди.
Бу маррани янада юқори олиш учун барча имкониятлар етарли. Хусусан, келгуси йилларда Самарқандга келадиган хорижий туристлар сонини 1,5 миллиондан ошириш бўйича чоралар кўрилмоқда”, дейди Мирзиёев.
Унинг қайд этишича, келгусида бундай замонавий мажмуа Бухоро шаҳрида ҳам барпо этилади.
“Бу каби лойиҳаларни республикамизнинг барча ҳудудларида амалга ошириш бўйича ҳам режаларимиз бор”, дейди Президент.
Давлат раҳбари келгуси беш йилда мамлакатга келадиган сайёҳлар сонини ҳозирги 2 миллиондан 9 миллионга етказмоқчилигини айтган.
Йилига 2 миллион туристга хизмат қиладиган бу кўп тармоқли марказ таркибида “Боқий шаҳар” мажмуаси, Конгресс ҳолл, 8 та замонавий меҳмонхона, амфитеатр ва кўплаб бошқа объектлар мавжуд.
Марказ лойиҳасини ишлаб чиқишда тажрибали меъмор ва муҳандислардан иборат халқаро жамоа жалб этилган. Туркия, Буюк Британия, Италия каби давлатларнинг юксак малакали инженер ва техник мутахассислари қурилиш жараёнида фаол иштирок этган.