Мирзиёев сайловни кузатиш учун келган EХҲТ миссияси раҳбарини қабул қилди
Жамият
−
25 Октябрь
2024Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 25 октябрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (EХҲТ ДИИҲБ) парламент сайловини кузатиш бўйича миссияси раҳбари Дуглас Уэйкни қабул қилди. Бу ҳақда Президаент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда бўлажак парламент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалалари юзасидан батафсил фикр алмашилган. Шунингдек, Ўзбекистон билан EХҲТ ва унинг институтлари ўртасида очиқ ва самарали мулоқот ўрнатилгани, хусусан, бюро билан унумли ҳамкорлик йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилган.
Бўлажак парламент сайловига тайёргарлик кўриш доирасида ДИИҲБ кузатувчилари миссияси фаол ишлаётгани юқори баҳоланган. Бюро экспертлари миллий сайлов тизимини такомиллаштириш жараёнида иштирок этган. Улар билдирган тавсия ва таклифларнинг аксарияти инобатга олиниб, мамлакат қонунчилигига татбиқ этилган.
“ДИИҲБ вакили миссия фаолиятига кўрсатилаётган эътибор учун самимий миннатдорлик изҳор этди ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди”, дейилади хабарда.
Бу галги сайлов илк бор янгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг парламент ва маҳаллий вакиллик органларининг ролини кучайтиришни назарда тутувчи қоидалари асосида аралаш сайлов тизими бўйича ўтказилаётгани алоҳида таъкидланган.