Мирзиёев Саудиянинг инвестиция вазири билан учрашди
Олам
−
11 Ноябрь
1737Президент Шавкат Мирзиёев Ар-Риёд шаҳрига амалий ташриф доирасида Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Олий даражадаги келишувлар ижроси доирасида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, энг аввало, Ўзбекистонда устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган. Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланаётгани қайд этилган.
Қайд этилишича, жорий йил якуни билан Ўзбекистонга Саудия Арабистони компанияларининг қарийб 2,5 миллиард долларлик инвестициялари жалб этилиши кутилмоқда.
“Яшил” энергетика, соғлиқни сақлаш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, иссиқлик ва сув таъминоти, қишлоқ ва уй-жой коммунал хўжалиги каби соҳаларда истиқболли лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланган.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳрида ўтказиладиган ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишига пухта тайёргарлик кўриш зарурлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида ўтказилаётган навбатдан ташқари Араб-ислом саммити доирасида Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Саудни қабул қилганди. Учрашувда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва “яшил” энергетика соҳасида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинганди.