Мирзиёев Самарқандга борди
Жамият
−
25 Сентябрь
9602Бугун, 25 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишида иштирок этиш учун Самарқанд шаҳрига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Мирзиёев йиғилишнинг ялпи сессиясида нутқ сўзлайди ҳамда тадбир доирасида бир қатор учрашувлар ўтказади.
Таъкидлаш жоизки, Бошқарувчилар кенгашининг тўққизинчи йиғилиши “Барча учун барқарор инфратузилма яратиш” мавзусига бағишланган. Йиғилишда глобал иқтисодиёт кун тартибидаги долзарб масалалар кўриб чиқилади, Осиё ва дунёнинг бошқа минтақаларида инфратузилмани ривожлантиришнинг стратегик дастурлари ва режалари муҳокама этилади.
Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган икки кунлик саммитда 100 дан ортиқ мамлакатдан юқори даражали делегациялар, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари, етакчи хорижий компанияларнинг бошқарувчилари ва нуфузли экспертлар, жами 2 мингга яқин иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон 2016 йил ноябрь ойида ОИИБга аъзо бўлган. Сўнгги йилларда мамлакат банкнинг энг йирик бенефициарларидан бирига айланди. Амалга оширилган ва жорий лойиҳалар портфели 3 миллиард доллардан ошиб, “яшил” энергетика, йўл-транспорт ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш каби устувор йўналишларни қамраб олган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь