Мирзиёев Россияда ҳалок бўлган 7 ўзбекистонликнинг жасадини олиб келишни буюрди
Жамият
−
11 Январь
20227Аввалроқ, бугун, 11 январь куни Россиянинг Пенза вилоятида мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани, унда 7 нафар ўзбекистонлик вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу ҳолат ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга етказилган. Президент топшириғига биноан Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида вафот этган ва жабрланган фуқароларни ватанга олиб келиш юзасидан керакли барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, марҳум фуқароларни олиб келиш бўйича Фавқулодда вазиятлар, Ташқи ишлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда.
Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги навбатчилик қисмидан олинган маълумотга кўра, жорий йилнинг 11 январь куни (Москва вақти билан) соат 02:20 ларда Россия Федерацияси, Пенза вилояти, Нижнеломов райони М-5 автомобиль йўлининг 503 километрида ҳаракатланган “JAC” русумли “Минивен” автомобили ва “Volvo” русумли юк автомобили тўқнашиши оқибатида “JAC” русумли “Минивен” автомобили ичида бўлган жами 9 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан 7 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган, 2 нафар йўловчи турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган ва тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.
“Россия Федерацияси масъуллари юзага келган мазкур бахтсиз ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жароҳатланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишда яқиндан кўмак беришмоқда”, дейилади ФВВ хабарида.
LiveБарчаси