Мирзиёев Россия Трансафғон темирйўли лойиҳасига қизиқаётганини айтди
Жамият
−
22 Февраль
7892Жорий йилнинг 19 февраль куни Россия Федерацияси ҳукумати раисининг ўринбосари — Саноат ва савдо вазири, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия ҳамраиси Денис Мантуров бошчилигидаги делегация Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлганида, кўплаб масалалар қаторида Трансафғон темирйўлини қуриш лойиҳасидаги Россиянинг иштироки муҳокама қилинган. Россия делегацияси бунга қизиқиш билдирган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев кеча, 21 февраль куни Россия етакчиси Владимир Путин билан учрашувида маълум қилди.
“Транспорт билан боғлиқ жиддий масала Афғонистон орқали янги темирйўл қурилишидир. (Россия Транспорт вазири Виталий) Савелёв ўша ерда эди. Биз келишиб олдик. Россиялик ҳамкасбларимизнинг ушбу масала бўйича лойиҳани техник жиҳатдан асослашда, кейин эса янада тарғиб қилишда иштирок этишидан манфаатдормиз”, дейди Мирзиёев.
Президент Россия ва Ўзбекистон иқтисодий соҳада бошқа икки томонлама лойиҳаларни ҳам амалга ошираётганини қўшимча қилган.
"Бизда реал лойиҳалар, реал ижрочилар, реал ҳудудлар, катта лойиҳалар бор. Сиз томондан катта жамоа борганди, мен уларнинг барчаси билан батафсил гаплашдим, ҳақиқий натижа бор", дейди у.
Маълумот учун, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон 2021 йил февраль ойида Термиз – Мозори Шариф – Қобул – Пешовар темирйўли қурилиши бўйича йўл харитасини имзолаган. Лойиҳанинг дастлабки қиймати қарийб 5 миллиард доллар бўлиб, Европа давлатлари, Россия, Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиё давлатларини боғлайдиган янги транспорт йўлагининг юк ўтказиш салоҳияти 20 миллион тоннага баҳоланмоқда. Дизайн ишлари ҳали ҳам давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 19 февраль куни Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг миллий темирйўл бошқармаси бошлиғи мулла Бахт ул Раҳмон Шарофат бошчилигидаги делегацияси Трансафғон лойиҳаси йиғилишида иштирок этиш ва икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Тошкентга келганди.
LiveБарчаси