Мирзиёев Покистон Президенти билан учрашди
Жамият
−
04 Март 2022
6398Бугун, 4 март куни Исломобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Президенти Ориф Алвийнинг учрашуви бўлиб ўтди.
Президентлар бир-бирини самимий қутлаб, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари ҳар томонлама ривожланаётганини мамнуният билан қайд этди.
Ўзбекистон Президентининг Покистонга давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга экани ҳамда ҳамкорликни янада кенгайтиришга кучли туртки бўлиши таъкидланди.
2022 йилда мамлакатлар муҳим сана – дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлайди. Ўтган вақт мобайнида сиёсий мулоқот ва ҳамкорликда катта муваффақиятларга эришилди. Ўзаро товар айирбошлашда жадал суръат кузатилмоқда. Ўтган йили, пандемияга қарамай, унинг ҳажми 50 фоиздан зиёдга ошди.
Учрашувда савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни изчил кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Мирзиёев Покистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларни олқишлади. Айни пайтда ҳамкорликни, шу жумладан гуманитар соҳада кенгайтириш учун улкан салоҳият мавжудлиги таъкидланди.
Президент Ўзбекистон ва Покистоннинг фан, таълим, юқори технологиялар ва ёшларга доир сиёсат соҳаларидаги ташаббуслари мамлакатнинг Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш борасидаги мақсадларига ҳамоҳанг эканлиги қайд этилди.
Томонлар шерикликнинг ушбу йўналишини ҳар томонлама ривожлантиришга тайёр эканликларини тасдиқлади. Ўзбекистон Президенти астрономия, астрофизика, физика, математика, вирусология ва робот техникаси бўйича илмий-амалий тадбирларни ўтказишда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг “КОМСТЕК” Илмий-техник ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси имкониятларидан фойдаланишни таклиф этди.
Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди. Минтақавий хавфсизлик ва Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилди.
Шавкат Мирзиёев Ориф Алвийга меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, яқинлашиб келаётган миллий байрам – Покистон куни муносабати билан самимий табрик ва энг эзгу тилакларини изҳор этди ҳамда уни ўзига қулай вақтда Ўзбекистонга келишга таклиф этди.
Учрашув илиқ ва дўстона муҳитда ўтган. Томонлар кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтиришга интилиши қатъий эканини тасдиқлаган.
Шу билан Ўзбекистон Президентининг Покистонга давлат ташрифи якунланди, Шавкат Мирзиёев Токшентга жўнаб кетди.
LiveБарчаси