Мирзиёев Ойдин Ҳожиева вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
Жамият
−
16 Май 2023
7239Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.
Ойдин Ҳожиева 1942 йил 22 апрелда Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги Бўстон қишлоғида туғилган. Ушбу тумандаги ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетида таҳсил олган. У “Шарқ юлдузи” журналида адабий ходим, бўлим мудири, кейинчалик “Гулхан” журналида бош муҳаррир вазифасида хизмат қилган.
Ойдин Ҳожиева машҳур шоира Зулфияхонимнинг издоши сифатида Ўзбекистон хотин-қизларининг “Саодат” журналида самарали ишлаб, кўп йиллар унга бош муҳаррирлик қилган.
Унинг “Шабнам” деб номланган дастлабки шеърий китоби 1970 йилда нашр қилинган. Ўзининг қарийб олтмиш йиллик ижодий фаолияти давомида шеърият ва публицистика жанрларида “Манзиллар”, “Мен севган қўшиқ”, “Наво”, “Хушхабар”, “Мушфиқ онажон”, “Чашмаларни излайман”, “Танланган асарлар” номли ва бошқа ўнлаб асарлар яратиб, Ватанга муҳаббат ва садоқат, онага, аёл зотига юксак эҳтиром, қадрдон заминга беқиёс меҳр каби туйғуларни ўзбек шоираларига хос юксак назокат ва ёниқ қалб билан куйлаб ўтган.
Унинг асарлари дунёнинг ўнлаб тилларида нашр этилган.
Ўз навбатида Ойдин Ҳожиева кўплаб жаҳон ва қардош халқлар адабиёти етук намояндаларининг шеърий асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фаол аъзоси сифатида мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш, адабий жараёнларни янги босқичга кўтариш, ёш истеъдод эгалари, айниқса, ижодкор қизларни тарбиялаш борасида ҳам ибрат кўрсатган.
Ойдин Ҳожиева “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати”, “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.
“Таниқли ижодкор, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Ойдин Ҳожиеванинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади хабарда.