Мирзиёев ортидан Имомали Раҳмон ҳам исломофобияни қоралади

Олам

image

Тожикистон Қуръонни, шунингдек, бошқа ҳар қандай муқаддас китобларни таҳқирловчи хатти-ҳаракатларни қоралайди ва бағрикенгликка чақиради. Бу ҳақда БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги умумий сиёсий мунозарада сўзга чиққан республика Президенти Имомали Раҳмон айтиб ўтди. 

“Тожикистон халқларнинг эътиқодлари, жумладан Қуръони Карим ёки инсониятнинг бошқа сивилизациявий ва диний қадриятларига оид ҳар қандай ҳақоратни қоралайди”, дейди Президент. 

Унинг таъкидлашича, диндорларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилиш, шунингдек, ҳар қандай дин ва эътиқодга нисбатан нафрат ва зўравонлик фожиали оқибатларга олиб келади. Раҳмон БМТ минбаридан тинчлик ғояларини илгари суришга чақирди.  

“Биз бағрикенглик ва тинчлик ғояларини тарғиб қилиш – иғвогарлик, бўлиниш, ақидапарастлик, экстремизм ва радикализмга қарши курашишнинг энг яхши воситаси, деб ҳисоблаймиз. Келинглар, бизни ажратадиган ҳаракатларга қарши бирлашайлик ва ўрнига бир-биримизнинг қадр-қимматини ҳурмат қилиш ва эътироф этиш асосидаги жамиятга интилайлик”, дейди Тожикистон раҳбари.

Раҳмон ўз нутқини тожик ва форс шоири ва мутафаккири Саъдий Шерозий шеъридан мисралар ўқиш билан якунлади. 

Маълумот ўрнида, мусулмонларнинг муқаддас китобини ёқиш ва таҳқирлаш билан боғлиқ норозилик намойишлари ёзда Швеция ва Данияда бир неча бор бўлиб ўтди. Хусусан, 28 июнь куни полиция рухсати билан акция Стокгольм марказидаги майдонда ўтказилди. Иштирокчилар Қуръонни ёқиб юборган Исломга қарши намойишлар 25 июль куни Миср ва Туркиянинг Копенгагендаги элчихоналарида ҳам бўлиб ўтди. Кейинчалик, шунга ўхшаш ҳаракатлар ушбу мамлакатларда бир неча марта содир бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 19 сентябрь кун7и Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам дунёнинг айрим мамлакатларида учраётган диний тоқатсизлик ва исломофобия ҳолатларини қоралаб, уларга асло йўл қўйиб бўлмаслигини айтган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Имомали Раҳмон исломофобия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг