Мирзиёев Олмалиқдаги мегалойиҳани кўздан кечирди

Жамият 5777
image
-

Бугун, 22 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олмалиқ шаҳрига ташриф буюрди.

Кейинги йилларда шаҳар ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан ривожланиб бормоқда. Янги корхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари ишга тушмоқда. Бу ўзгаришларнинг “драйвери” – Олмалиқ кон-металлургия комбинати.

Мамлакатда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 7 фоизи, экспорт ҳажмининг 15 фоизи мазкур комбинат ҳиссасига тўғри келади. Охирги йилларда илмга ва технологияга катта маблағ йўналтирилгани натижасида янги конлар топилиб, ишлаб чиқариш ҳажми ошмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 мартдаги қарорига мувофиқ, комбинатда “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш бўйича 5 миллиард 122 миллион долларлик мегалойиҳа амалга оширилмоқда.

Давлат раҳбари Олмалиққа ташрифи чоғида, аввало, мазкур кондаги ишларни кўздан кечирди.

Кон ҳудуди 11 минг гектар. Захираси ҳам шунга яраша салмоқли - йилига 65 миллион тонна маъдан қазиб олиш қувватига эга. Бу конда олтин, мис, кумуш, молибден, селен каби 13 турдаги қимматли ва нодир металлар бор. Уларни қайта ишлаш учун Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилмоқда.

Президентимизга шу борадаги ишлар ҳақида ахборот берилди.

Бу ерда иш бошланган 2017 йилда йилига 3 миллион куб метр кон ишлари бажарилар эди. 415 миллион долларлик 570 дан зиёд замонавий техникалар олиб келингач, самарадорлик ўн карра ошди. Эндиликда иш ҳажми йилига 40 миллион куб метрни ташкил этмоқда.

"Бу кон - катализатор. Уни самарали ўзлаштириш билан бирга кичик конлар бўйича ҳам янги йўналиш қилиш керак. Бу ҳам қўшимча иш ўринлари, катта экспорт, дегани", дейди Шавкат Мирзиёев.

Лойиҳа доирасида, шунингдек, оҳак заводи, 650 мегаваттли электр тармоғи ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этилади. Жами 6 минг киши иш билан таъминланади.

Давлатимиз раҳбари ушбу комбинат, умуман, келгусида ҳар бир саноат корхонаси ўзини ўзи муқобил электр энергияси билан таъминлаши зарурлигини таъкидлади. Илмий тадқиқотларни ва мақсадли аспирантурани кенгайтириш, Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиали салоҳиятини ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 124
Рейтинг: 3.2
t
×