Мирзиёев Нур-Султондан туриб Жапаровга сим қоқди
Жамият
−
06 Декабрь 2021
13309Бугун, 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлат раҳбари Қирғизистон Президентини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва катта муваффақиятлар, биродар қирғиз халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Етакчилар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига асосланган стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан таъкидладилар.
Турли даражалардаги конструктив мулоқот ва фаол алмашинувларни давом эттириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, машинасозлик, энергетика ва электротехника тармоқлари, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва бошқа соҳаларда муҳим кооперация лойиҳаларини биргаликда илгари суриш муҳимлиги қайд этилди. Бизнес ва ҳудудлар даражасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш, маданий-гуманитар дастурларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро ва минтақа кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Қайд этилишича, телефон орқали мулоқот ҳар доимгидек илиқ, самимий ва дўстона руҳда ўтди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев айни вақтда давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлиб турибди.
LiveБарчаси