Мирзиёев Наврўз сайлида қатнашди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20 март куни Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани Роҳат маҳалласига ташриф буюриб, байрам сайлида қатнашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, хизмат кўрсатиш ва савдога ихтисослашган мазкур маҳаллада 4 минг нафар аҳоли яшайди. Бандликни таъминлаш бўйича янги тизимга мувофиқ, банклар иштирокида маҳалланинг ички имкониятлари юзага чиқарилмоқда. Ўтган йили юзга яқин аҳоли ишга жойлаштирилган, 256 нафари ўзини ўзи банд қилган, 13 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлаган. Иккита ишлаб чиқариш корхонаси, ўнлаб савдо ва маиший хизмат шохобчалари одамларга қулайлик яратмоқда.

Президент ушбу корхоналарни кўздан кечирди. 

"Маҳаллада кўчалар обод, хонадонлар саранжом-саришта. Таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт майдончалари, ўқув маркази, амфитеатр, ҳунармандлар ва ахборот-кутубхона марказлари фаолият юритмоқда. Ҳозир, айниқса, нуронийлар маскани гавжум", дейилади хабарда.

Давлат раҳбари ушбу масканда ташкил этилган сумалак сайлида қатнашди, маҳалла фаоллари, нуронийлар билан самимий суҳбатлашди. Мулоқотда жорий йилги режалар, жумладан, тинчлик-осойишталикни сақлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳақида сўз юритилди.

"Маҳаллангиздаги ободликни, одамларнинг кайфиятини кўриб, мамнун бўлдим. Вақти билан барча туманлардаги имкониятларни оширамиз. Бунинг учун энг асосийси – тинчлик-аҳиллик керак. Илгари чегараларимизда вазият қандай эди? Вазминлик билан, сиёсий ирода билан ҳамма масалаларга ечим топяпмиз. Барча ишларни қуйи тизимда ташкил қилганимиз учун 10 мингга яқин маҳалланинг ҳолати яққол намоён. “Маҳалла еттилиги” орқали хонадонга етиб бориляпти. Одамларнинг даромадини ошириш, камбағалликни қисқартириш, ёшлар сиёсатида ҳали ишларимиз кўп. Шунинг учун таълимга, ўғил-қизларни ўқитишга катта эътибор беришимиз керак. Ёшлари билимли ва маънавиятли  жамият, албатта, фаровонликка эришади", деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, Роҳат маҳалласида умумтаълим мактаби, болалар мусиқа ва санъат мактаби, “Баркамол авлод” маркази, академик лицей фаолият юритмоқда. Яқинда янги мактабгача таълим ташкилоти қуриб битказилган. Булар ҳам ёшлар маърифатини оширишга хизмат қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Наврўз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг