Мирзиёев Навоийда 3,6 млрд долларлик лойиҳаларни бошлаб берди
Жамият
−
01 Ноябрь
3671Бугун, 1 ноябрь куни Навоий вилоятида Президент Шавкат Мирзиёев ва жамоатчилик вакиллари иштирокида янги лойиҳаларга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Маросимда 15 та лойиҳа ҳақида эълон қилинди.
Жумладан, Конимех туманида ёнувчи сланецларни қазиб олиш ва қайта ишлашнинг биринчи босқичи, Кармана туманида 300 мегаватт қуёш фото электр станцияси ва 75 мегаватт электр энергиясини сақлаш тизими, Навоий шаҳрида техник газ ишлаб чиқариш, Ғозғон шаҳрида мармар ва Зарафшон шаҳрида гранит тошларни қайта ишлаш, Учқудуқ туманида каолин қазиб олиш ва бойитиш, Хатирчи туманида балиқ озуқаси тайёрлаш лойиҳалари қурилиши бошланди.
Кармана туманида калий сульфат ва сульфат кислотаси, Навоий шаҳрида пахта целлюлозаси, Нурота туманида гранит тошларни қайта ишлаш корхоналари ишга туширилди.
Мазкур 15 та лойиҳанинг умумий қиймати 3 миллиард 600 миллион доллар. Уларнинг натижасида 7 мингдан ортиқ иш ўрни пайдо бўлади.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, янги лойиҳаларнинг қурилиши ва фаолиятини бошлаб берди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Мирзиёев Навоий вилоятига ташрифи доирасида “Янги Навоий” шаҳарчаси қурилиш майдонида бўлиб, нуронийлар ва зиёлилар билан суҳбатлашган, Навоий шаҳри Фаровон маҳалласидаги 22-умумтаълим мактабида бўлиб, ўқувчи ва ўқитувчилар билан учрашганди.