Мирзиёев Модини табриклади
Жамият
−
12 Август 4810 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 12 август куни Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбари Бош вазир ва Ҳиндистон халқини яқинлашиб келаётган миллий байрам – мамлакат мустақиллиги куни билан самимий табриклаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаган.
Мулоқот давомида Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Эришилган келишувларга мувофиқ амалий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани, турли даражаларда фаол ва сермаҳсул мулоқотлар давом этаётгани катта мамнуният билан қайд этилган.
Етакчилар фармацевтика ва кимё саноати, рақамли иқтисодиёт, энергетика, кончилик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, туризм ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш ва амалга оширишга алоҳида эътибор қаратган. “Шимол-Жануб” йўлаги доирасида самарали транспорт-транзит йўналишларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.
Шунингдек, ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини Тошкент шаҳрида самарали ўтказиш муҳимлиги қайд этилган. Маданият ва кино кунларини ўзаро ташкил этиш, ҳудудлар даражасида алмашинувларни фаоллаштириш таклиф қилинган.
Ўзбекистон Президенти ва Ҳиндистон Бош вазири минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашган ҳамда бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини кўриб чиққан.
Маълумот учун, Ҳиндистон 1947 йилнинг 15 август куни мустақилликка эришган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев охирги марта Нарендра Моди билан ўтган йили 23 октябрт куни Россиянинг Қозон шаҳрида BRICS саммити доирасида учрашган эди.
Live
Барчаси