Мирзиёев Мишустинни Ўзбекистонга таклиф қилди
Жамият
−
06 Октябрь 2023
5252Расмий ташрифи доирасида Москвада бўлиб турган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 6 октябр куни Россия Федерацияси ҳукумати раиси Михаил Мишустин билан музокара ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув Россия Ҳукуматининг Мувофиқлаштириш марказида бўлиб ўтган. Унда икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.
Мирзиёев учинчи Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми муваффақиятли ташкил этилгани ва ўтказилгани, унинг якунида икки мамлакат ўртасида 3,5 миллиард долларлик ҳужжатлар имзоланганини олқишлаган.
Шунингдек, товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш ва кооперация алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича ишларни самарали мувофиқлаштириш учун қўшма Ишчи гуруҳи тузилган.
Рақамлаштириш, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларида ҳамда Ўзбекистонда электрон савдони жорий қилиш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки мамлакат ҳудудларининг амалий шериклигини янада ривожлантириш ва уни аниқ лойиҳалар билан бойитиш учун кенг имкониятлар борлиги қайд этилди.
Шаҳарсозлик, уй-жой фондини реновация қилиш соҳаларида тажриба алмашишни йўлга қўйишга келишиб олинган. Музокаралар якунида Мирзиёев Россия Ҳукумати Раисини расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этган.
Сўнг Ўзбекистон делегацияси Россия Ҳукуматининг Мувофиқлаштириш маркази билан танишди. Михаил Мишустин Ўзбекистон раҳбарига ижро ҳокимияти органларининг тезкор ва келишилган ҳаракатларини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу доимий фаолият юритувчи идора фаолияти тўғрисида батафсил ахборот берган.