Мирзиёев МДҲнинг фахрий нишони билан тақдирланди (видео)
Жамият
−
13 Октябрь 2023
8549Бугун, 13 октябрь куни Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарларининг саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Фахрий кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу ҳақда МДҲ расмий сайтида хабар қилинди.
Қайд этилишича, мукофот бериш ташаббуси Қирғизистон Республикаси томонидан билдирилган.
“Шавкат Мирзиёев МДҲни ривожлантириш, Ҳамдўстликка аъзо давлатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг олий мукофоти билан тақдирланди”, дейилади хабарда.
“МДҲ мамлакатлари интеграциясига қўшаётган бебаҳо ҳиссангиз, ишбилармонлик алоқалари ва ҳар томонлама самарали ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган доимий илгари сурилаётган тегишли ташаббусларингиз учун Сизга самимий миннатдорлик билдираман”, деган Жапаров.
Мирзиёев ўз мавқедошига мукофот учун раҳмат айтиб, Қирғизистон раҳбарининг кўплаб масалаларни ҳал этишдаги ўрнини эътироф этган.
“Бугунги мукофот – бу сизнинг ишончингиздир, бу Ўзбекистонни ҳам, унинг Президентини ҳам кўп ишлар қилишга мажбур қилади”, дея қўшимча қилган у.
Маълумот учун, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Фахрий кўкрак нишони МДҲнинг олий мукофотидир. У 2002 йилда тасдиқланган. Нишон МДҲнинг ўн иккита давлати байроқларини ифодаловчи занжирлардан иборат. Шу пайтгача Молдова собиқ президенти Петр Лусински, Россия Федерациясининг биринчи Президенти Борис Ельцин, Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон собиқ президенти Ҳайдар Алиев, Украина собиқ президенти Леонид Кучма, МДҲ собиқ ижрочи котиби Юрий Яров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, МДҲ собиқ ижрочи котиби Владимир Рушайло, Арманистон собиқ президенти Роберт Кочарян мазкур нишон билан тақдирланган.