Мирзиёев маслаҳатчиси Сума Чакрабарти билан учрашди
Жамият
−
19 Март
2924Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 19 март куни иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчи Сума Чакрабартини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, маслаҳатчининг жорий йилги фаолиятининг асосий йўналишлари кўриб чиқилган.
Мамлакат инвестициявий салоҳиятини халқаро майдонда янада илгари суриш, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини якунлаш бўйича амалий чоралар кўриш, хориждаги етакчи таълим муассасаларида давлат хизматчиларининг малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
“Бўлажак Ўзбекистон инвестиция салоҳияти "роуд-шоуси" ва Тошкент халқаро инвестиция форумини етакчи хорижий компаниялар ва молиявий институтларни жалб қилган ҳолда юқори савияда ўтказиш муҳимлиги таъкидланди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, учрашувда Рақамли технологиялар халқаро маркази ҳузурида Тошкент халқаро тижорат судини ишга туширишнинг амалий жиҳатлари, мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини мустаҳкамлаш, иқтисодий ривожланиш соҳасида фундаментал тадқиқотлар олиб бориш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирларга тўхталиб ўтилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ноябрь ойида ҳам Шавкат Мирзиёев Сума Чакрабарти билан учрашув ўтказган эди. Ўшанда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини жорий йилги давлат дастури доирасида амалга оширишнинг ҳолати ҳамда келгуси йилда ислоҳотларни янада илгари суриш истиқболлари кўриб чиқилган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни доирасидаги кейинги қадамлар муҳокама қилинган.