Мирзиёев – мард одам, “мужик” одам – Юлдуз Усмонова

Маданият-санъат 32107
image

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти Юлдуз Усмонова амалдаги Президент Шавкат Мирзиёевни “мужик” одам”, дея таърифлаб, Каримов даврида унинг альбом тақдимотини ўтказишига катта ёрдам бергани, уни ҳимоя қилгани ва бу оқимга қарши бўлганини айтди. Бу ҳақда хонанда “Миллий ТВ”нинг “Инсон қадри” кўрсатувидаги чиқишида гапирган. 

Маълумки, Юлдуз Усмонова 2006 йилдан 2016 йилнинг декабригача расмий ва норасмий “запрет”да бўлган. Бу йиллар оралиғида хонанда Туркияга кетиб ижод қилди. 50 дан ортиқ янги қўшиқлар ёзди, альбомлар чиқарди. 2015 йилнинг 22 декабрь куни хонанда Тошкентдаги “Наврўз” қабуллар уйида ўзининг навбатдаги “Қироличаман” номли мусиқий альбоми тақдимотини ўтказиши ҳақида эълон берди. Бироқ, ўша вақтларда Юлдузнинг нафақат “Халқлар дўстлиги” каби йирик концерт залларида, балки ресторанларда ҳам концертлар ўтказишига тақиқлар мавжуд эди. Унинг фақат тўйда қўшиқ куйлашига қаршилик бўлмаган. 

2016 йилда ҳам Усмонованинг тақдимотига тақиқ қўйилган. Хонанда ана шу вазиятда уни Бош вазир Шавкат Мирзиёев қўллаб-қувватлагани, унга рухсат берилишига бош-қош бўлганини эслаб, Мирзиёевдан миннатдорлигини ифода этди. 

“Запрет”далигимда секин келиб, альбомни “презентация” қилгим келди. Эълон берганмиз, одамларни таклиф қилганмиз. Лекин рухсат йўқ, деб туришибди. Энди нима бўлади, деб йиғлаяпман. Тасаввур қилинг, тайёргарлик қилинган, меҳнатингни йўқ қилишяпти. Мени эса мухлисларим кутяпти.

[Мирзиёев] биз учун айтмаяпти-ку, халқ учун айтяпти, эшитгинглар келмаса, эшитманглар, деди. Мен учун исён қилди. Сизларга ёлғон, Худога чин: шу одам “учиб” кетиши мумкин эди. Оқимга қарши боргандек бўлиб қоларди. Мени шунча эзилганимни кўрганми, эшитганми... Ўзлари ҳам эзилгандир, у пайтда ишлаш ҳам осон бўлмаган, бир пасда масаласини ҳал қилиб қўйишарди. Чиқса, чиқариб беринглар, санъаткорни хор қилманглар, дедилар”, дейди Юлдуз Усмонова.

Юлдуз Усмонова 90-йиллар охиридан 2005 йилга қадар Ўзбекистон сиёсий элитаси – Президент Каримовдан тортиб, вазирларнинг севимли хонандаси бўлган. Ҳатто, Олий Мажлис депутатлигига ҳам сайланган. Ўша йиллари хонанда Наврўз ва Мустақиллик байрамлари финал қўшиғини куйлар, кўпчилик айнан унинг чиқиши томоша қилиш учун ушбу телевизор қаршисига михланарди. Президент Каримов ҳам Юлдуз Усмонованинг қўшиқлари ва ижодига нисбатан бефарқмаслигини у куйлаётган қўшиқ сўнгида саҳнага отилиб чиқиб, хонандани бағрига босиш билан ифода этарди. Бироқ, нимадир бўлдию Усмонова сиёсий элита тугул, унинг атрофидагиларнинг ҳам исталмаган хонандасига айланди. Шу алфозда у Туркиядан қўним топди. 

Бир оёғи Ўзбекистонда, бир оёғи Туркияда бўлган Юлдуз Усмонова 2016 йилгача дунёнинг турли бурчакларида концерт берди. АҚШ, БАА, Туркия, Россиядаги концертлар шулар жумласидандир. 2016 йил 2 сентябрь куни Президент Каримов вафот этди. 4 декабрь куни ўтказилган Президент сайловида Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонди. Юлдуз Усмонова илк бор 5 декабрь куни ЎзЛиДеП томонидан ўтказилган ғалаба тадбирида кўриниш берди. У катта саҳнага 7 декабрь куни Конституция қабул қилингани муносабати билан ўтказилган концертдаги чиқиши орқали қайтди. Усмонова “запрет”дан чиқишида Мирзиёевнинг ҳиссаси катта эканини алоҳида эътироф этади. 

“Мен сизларга айтсам, Шавкат Миромонович Мирзиёев – мард одам, “мужик”одам. Калласини кундага қўйиб, чиқарганлар”, дейди хонанда. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1092
Рейтинг: 3
t
×