Мирзиёев марҳум Фанлар академияси президентининг оиласига таъзия билдирди
Жамият
−
29 Август
11230Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 29 август куни Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Беҳзод Йўлдошев хонадонига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари марҳумнинг эзгу ишларини, Ватанга хизматларини ёдга олди. Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Мирзиёев марҳумнинг рафиқаси ва фарзандларига ҳамдардлик билдириб, сабр-тоқат тилади. Улар ташрифи ва далда сўзлари учун Президентга миннатдорлик билдирди.
Маълумот учун, Беҳзод Йўлдошев 1945 йил 9 майда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1968 йилда Тошкент давлат университетининг ядро физикаси факультетини имтиёзли тугатган, 1971 йилда Бирлашган ядро тадқиқотлари институти (Дубна)да номзодлик, 1981 йилда физика-математика фанлари доктори диссертациясини ҳимоя қилган. ЎзР ФА Ядро физикаси институтида кичик илмий ходим, Физика-техника институтида катта илмий ходим, лаборатория мудири, Ядро физикаси институти директори (1990-2006 йй., 2017-2020 йй.), ЎзР ФА президенти (2000-2005 йй., 2017 йилдан) лавозимларида ишлаган. Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ, Вена, Австрия)нинг фан бўйича маслаҳатчиси ҳамда Бирлашган ядро тадқиқотлари институти (Дубна) бош илмий ходими лавозимларида фаолият юритган.
Вашингтон ва Стенфорд университетларида (АҚШ) ҳамда Бирлашган ядро тадқиқотлари институтида (Дубна, Россия) таклиф этилган профессор сифатида илмий тадқиқотлар олиб борган, Тошкент давлат университетида Ядро физикаси кафедраси мудири бўлган (1995-2000 йй.).
Фермилаб (АҚШ) ва TRIUMF (Ванкувер, Канада) миллий тезлатгичлар лабораториясида халқаро тадқиқотчилар гуруҳи томонидан бажарилган иккита илмий тажрибага раҳбарлик (spokesman) қилган. Ҳозирги пайтда Европа ядро тадқиқотлари марказининг (CERN, Женева, Швейцария) Катта Адрон коллайдерида (Large Hadron Collider) ва Бирлашган ядро тадқиқотлари институтида олиб борилаётган тадқиқотларда иштирок этган.
Ядровий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ядро қуролларини тарқатмаслик бўйича амалий ечимлар ишлаб чиқиш юзасидан йирик лойиҳаларга раҳбарлик қилган.
1990-2006 йилларда ва 2017-2020 йилларда ЎзР ФА Ядро физикаси институти директори сифатида фаолият юритган.
Асосий илмий-ташкилий фаолияти элементар зарралар физикаси, ядро физикаси, саноат, қишлоқ хўжалиги ва тиббиёт соҳаларида ядро технологияларидан фойдаланиш каби масалаларни қамраб олади.
400 дан ортиқ илмий ишлар, жумладан 3 та монография ва 20 дан ортиқ ихтиролар муаллифи. Илмий раҳбарлигида 9 нафар фан доктори ва 30 га яқин фан номзодлари тайёрлаган.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги (2000-й.), ЎзР ФА мухбир аъзоси (1994-й.), физика-математика фанлари доктори (1981 йил), профессор (1987 йил). Беруний номидаги ЎзССР давлат мукофоти лауреати (1983-й.), Халқаро ЭСО мукофоти лауреати (2004-й.). Америка физиклари жамияти аъзоси, Индиана, Вашингтон (АҚШ) ва Кембридж университетлари (Буюк Британия) фахрий доктори (fellow), Ислом дунёси академияси (IAS) академиги, Бирлашган ядро тадқиқотлари институти (OIYaI, Дубна шаҳри, Россия) фахрий доктори, Халқаро фанлар академиялари ассоциацияси академиги (MAAN), Россия Фанлар академияси ва Қозоғистон Миллий фанлар академияси хорижий аъзоси, Россия Таълим ва фан вазирлиги ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси аъзоси (1995-2005-йй., 2019-йилдан ҳозирги вақтга қадар). Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Парламент аъзоси - сенатори (2001-2005-йй., 2020-йилдан ҳозирги вақтга қадар).
“Меҳнат шуҳрати” ҳамда “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган. Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси “Фан арбоби” фахрий унвонига эга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев вафот этгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь