Мирзиёев Дубай Амири билан учрашди
Жамият
−
15 Январь
1161Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида бугун, 15 январь куни Дубай шаҳрида БАА Вице-президенти, Бош вазири, Дубай Амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан музокара ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
"Учрашувда бугун бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар самарали бўлгани ҳамда Ўзбекистон-БАА муносабатларини стратегик шериклик даражасига кўтаргани юқори баҳоланди. Давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва бошқарув кадрларини тайёрлаш каби соҳаларда фаол мулоқотлар ва самарали ҳамкорлик олиб борилаётгани мамнуният билан қайд этилди", дейилади хабарда.
Билдирилишича, юқори технологиялар, рақамлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш ва бошқа истиқболли йўналишларда янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олинган. БААдаги шериклар билан Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлик билдирилган.
Дубайнинг илғор ечимларини шаҳарсозлик соҳасига, жумладан, Янги Тошкентда замонавий инфратузилмани яратиш доирасида жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
"Томонлар фаол мулоқотни давом эттириш ва амалий шерикликнинг барча йўналишларида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар", дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 январь куни расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларига етиб борганди. Абу-Даби халқаро аэропортида давлат раҳбарини Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён ва бошқа расмий шахслар кутиб олди. Эртаси куни Президент Бирлашган Араб Амирликлари пойтахтида ўтаётган “Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги” саммитида нутқ сўзлади. Бунгача у барқарор ривожланиш бўйича Шайх Зоид Ол Наҳаён номидаги нуфузли мукофотнинг "Глобал ўрта мактаблар" номинациясида ғолиб деб топилган Тошкент шаҳридаги Президент мактаби вакиллари билан учрашиб, уларни ғалаба билан қизғин табриклади.
14 январь куни Мирзиёев Абу-Даби шаҳрига ташрифнинг ишбилармонлик тадбирлари доирасида Бирлашган Араб Амирликлари Сунъий интеллект вазири Умар бин Султон ал-Олама, Бирлашган Араб Амирликлари инвестициялар вазири, “ADQ” холдинги бош ижрочи директори Муҳаммад Ҳасан ал-Сувайдий бошчилигидаги ушбу мамлакат етакчи компаниялари делегацияси билан учрашувлар ўтказганди.
Бугун, 15 январь куни Абу-Даби шаҳридаги "Қаср аш-Шати" қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён тор доирада ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказди. Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларация имзоланди.
Шунингдек, Президент Абу-Даби шаҳрига ташрифи доирасида Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён билан учрашув ўтказди.
LiveБарчаси
Исроил ва ҲАМАС келишувга эришди.
15 Январь
Эрон Президенти Марказий Осиёга келди.
15 Январь