Мирзиёев Малайзияни синалган ишончли ҳамкор деб атади

Жамият

image

Малайзия – Ўзбекистоннинг вақт синовларидан ўтган ишончли ҳамкори. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 17 май куни Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим билан Тошкентда ўтган музокаралардан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун берган баёнотида маълум қилди. 

Президент матбуот хизматига кўра, етакчилар очиқ, ишончли ва дўстона муҳитда ўтган саммитнинг самарали натижаларини юқори баҳолаган. 

Ўзбекистон раҳбари икки халқ ўртасидаги умумий дин, муштарак урф-одат ва қадриятларга асосланган азалдан яқин алоқаларни алоҳида қайд этган. 

“Малайзия нафақат Жануби-Шарқий Осиёда, балки бутун жаҳонда жадал тараққий этиб бораётган давлат, бизнинг вақт синовларидан ўтган ишончли ҳамкоримиздир. Ҳар икки мамлакатда миллий мустақиллик байрами бир санада – 31 август куни нишонланиши ҳам рамзий маънога эга”, дейди Ўзбекистон Президенти. 

Баёнотда ривожланиш ва модернизацияга қаратилган “Ўзбекистон – 2030” ва “Малайзия Мадани” стратегик дастурларининг мақсад ва вазифалари ўхшаш экани урғуланган. 

Малайзия Бош вазирининг бугунги тарихий ташрифи икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очиши ва уларнинг ривожланишига кучли суръат бағишлаши айтилган. 

Музокаралар чоғида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича устувор йўналишлар ва янги марралар белгилаб олинган. 

Олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқот ва алоқаларни фаоллаштириш, қўшма Ҳукуматлараро комиссияни ишга тушириш юзасидан келишувларга эришилган. 

Яқин келажакда икки томонлама муносабатларни кенг қамровли ҳамкорлик даражасига олиб чиқишга ўзаро интилиш билдирилган. 

Етакчилар товар айирбошлаш ҳажмини ва қўшма корхоналар сонини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган. Томонлар бу кўрсаткичларни яқин келажакда бир неча баробарга ошириш борасида тизимли ишларни йўлга қўйишга келишиб олган. 

Президент Мирзиёев бу мақсадга эришишда товарлар номенклатурасини кенгайтириш ва ўзаро савдонинг мувозанатлилигини таъминлаш, учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда чиқиш, юқори технологияли лойиҳаларни илгари суриш учун махсус саноат зонасини яратиш лозимлигини айтган.  

Энергетика, нефть-кимё, тоғ-кон, электротехника, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика, молия, IT ва бошқа тармоқларда кооперация бўйича аниқ режалар белгиланган. 

Эртага Самарқанд шаҳрида икки мамлакатнинг етакчи компаниялари иштирокида бўлиб ўтадиган бизнес форумининг натижалари, имзоланадиган салмоқли инвестиция битимлари ҳамкорликка янги мазмун бағишлашига ишонч билдирилган. 

Минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасида яқин мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга қатъий интилиш тасдиқланган. 

Маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга, жумладан, маданият ҳафталиклари, ёшлар, таълим ва спорт форумлари, турли кўргазмаларни ўтказишга қаратилган чоралар қабул қилинади. 

Саммитнинг натижалари Ўзбекистон-Малайзия муносабатларини мустаҳкамлашга, кўп қиррали ҳамкорликни янги амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилиши қайд этилди. 

Музокаралар якунлари бўйича барча эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Малайзия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг