Мирзиёев Корея Республикаси Савдо-саноат палатаси раҳбарини қабул қилди
Жамият
−
04 Октябрь 2023
3882Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 4 октябрь куни Кореянинг етакчи “SK Group” компанияси раиси, Корея Республикаси Савдо-саноат палатаси раҳбари Че Тхэ Вон бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашув аввалида давлат раҳбари Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатлари, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳада изчил ривожланиб бораётганини қайд этган. Сўнг эса “SK Group” компанияси билан юқори технологик лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан, Тошкент вилоятида мис фольга ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
Учрашувда шунингдек, хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасидаги истиқболли лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилган. Яримўтказгичлар саноатида муҳандислик кадрларини тайёрлаш ва илмий изланишлар ўтказиш режалари қўллаб-қувватланган.
Корея Савдо-саноат палатаси ушбу мамлакат етакчи компанияларининг тўғридан-тўғри инвестицияларини устувор тармоқлардаги кооперация лойиҳаларини амалга оширишга жалб қилишда фаол иштирок этиши муҳимлиги қайд этилган.