Мирзиёев Қозоғистон Бош вазирини қабул қилди
Жамият
−
05 Май 2023
4067Бугун, 5 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатда бўлиб турган Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаиловни қабул қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида Бош вазир Алихан Смаилов Мирзиёевга Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Томонлар ўзаро алоқалар жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этган. 2022 йилда товар айирбошлаш 18 фоизга, жорий йил бошидан эса 12 фоизга ошгани, уч мингдан зиёд қўшма корхона фаолият юритаётгани ҳамда юк ташиш ҳажми ортаётгани таъкидланган.
Ўзбекистон Президенти Ҳукуматлараро комиссия йиғилишининг сермаҳсул якунларига, энг аввало, устувор иқтисодий лойиҳаларни, шу жумладан Саноат кооперацияси халқаро марказини ташкил этишни илгари суриш бўйича келишувларга эришилганига юксак баҳо берган.
Яқин йилларда 10 миллиард доллар мақсадли кўрсаткичига эришиш учун савдони кўпайтириш ва экспорт-импорт амалиётларининг мутаносиблигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда ташқи савдо компанияси фаолиятини тез фурсатда ишга тушириш муҳимлиги таъкидланган.
Бундан ташқари, машинасозлик, энергетика, қазиб чиқариш саноати, транспорт ва логистика, тўқимачилик, озиқ-овқат ва бошқа тармоқларда инвестиция лойиҳалари портфелини кенгайтириш устувор вазифа сифатида белгилаб олинган.
LiveБарчаси