Мирзиёев қиш мавсумидаги вазият бўйича йиғилиш ўтказди

Жамият

image

Кеча, 12 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича вазифаларнинг бажарилиш ҳолати муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ўтган қишдаги совуқдан келиб чиқиб, бу мавсумга жиддий тайёргарлик кўрилган. Жумладан, муассаса, корхона ва маҳаллалардаги камчиликлар бартараф этилиб, қўшимча энергетика қувватларини яратиш бўйича тизимли ишлар ташкил этилган. 

Натижада қисқа вақтда 675 мегаватт ишга туширилган, йил якунига қадар 2,2 минг мегаваттли 7 та станция ишлай бошлайди. Шунингдек, 100 та подстанция, 11,5 мингта трансформатор ва 34 минг километр тармоқлар янгиланган.

Тошкент шаҳрида аҳоли кўплиги ва талаб юқорилиги боис бу масалага алоҳида тўхталиб ўтилган. Хусусан, пойтахтда жами қуввати 286 мегаваттга тенг 2 та янги подстанция қурилиб, 228 та трансформатор, 1 минг 130 километр тармоқлар янгиланган. 260 километр юқори кучланишли кабел тармоқлари тортилган.

Давлат раҳбари йиғилишда бу ишларни давом эттириб, дастур доирасида режалаштирилган ишларни қисқа муддатларда якунига етказиш зарурлигини таъкидлаган.

Шунингдек, йиғилишда айрим ҳудудларда энергетика тизимида кузатилаётган муаммолар муҳокама қилинган. Президент ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларга алоҳида эътибор қаратган.

Масалан, Наманган вилоятидаги газ қуйиш шохобчаларида газ камайган. Андижон вилоятининг Балиқчи, Пахтаобод, Марҳамат ва Андижон туманларида ҳаво совиши билан электр энергияси билан боғлиқ муаммолар кўпайган. Қашқадарё вилояти Ғузор ва Касби туманларида чироқ кўп ўчаётгани  маълум қилинган.

Давлат раҳбари бундай камчиликларни бартараф этиш ва келгусида олдини олиш лозимлиги яна бир бор таъкидлаб, электр тармоқлари ва газ таъминоти мутасаддиларига авария бригадаларини шай ҳолатга келтириб, туну кун ишлашини таъминлаш, зарур восита ҳамда материаллар захирасини кўпайтириш бўйича топшириқ берган.

“Бу йил кўмир таъминотида ҳам янги тизим йўлга қўйилди. Ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида 5 миллион 900 минг тонна кўмир қазиб чиқарилди. Аҳолига 930 минг тонна, ижтимоий соҳа учун қўшимча 93 минг тонна кўмир етказилди. Ҳудудлардаги омборларда турган кўмирни аҳолига ва ижтимоий соҳага етказилишини кундалик назоратга олиш, иситиш тизими давлат-хусусий шерикка ўтказилган объектларда зарур кўмир захирасини яратиш кераклиги айтилди. Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қонунга хилоф ҳолатларни чеклаш муҳимлиги ҳам кўрсатиб ўтилди”, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, бугундан бошлаб барча ҳуқуқ тартибот органлари ва ижтимоий инфратузилма хизматлари 24 соатлик иш тартибига ўтиши белгиланган. Йиғилишда Янги йил байрами олдидан аҳоли фаровонлиги учун шароитларни янада яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

“Маданий тадбирлар юқори даражада ўтказилиши, кўнгилочар дастурлар ва хизматларни кўпайтирилиши қайд этилди. Шунингдек, бозорларда арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилади. Нарх-наволарни асоссиз оширишга уриниш Бош прокуратура томонидан назоратга олинади”, дейилади хабарда.

Шунингдек, жамоат транспортларининг барқарор қатновини таъминлаш, метро ва автобусларда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш муҳимлиги таъкидланиб, бекатларда шароитларни яхшилаш, йўлларни тозалаш ва ҳаракат хавфсизлигини ошириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилган.

Йиғилишда қишга тайёргарлик бўйича Ҳукумат комиссияси ва бошқа мутасаддиларнинг ҳисоботи эшитилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев қиш мавсуми

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг