Мирзиёев Қирғизистон парламенти торағасини қабул қилди
Жамият
−
26 Сентябрь 2023 5085 1 дақиқа
Бугун, 26 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши торағаси (раиси) Нурланбек Шакиевни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

“Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг кўламли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, учрашув аввалида Қирғизистон парламенти раиси Шавкат Мирзиёевга Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг саломи ва эзгу тилакларини етказган.

Суҳбатда турли даражаларда фаол мулоқот ва алмашинувлар олиб борилаётгани, товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажми ортаётгани, кооперация лойиҳалари қўшма жамғарма инвестицияларини жалб қилган ҳолда амалга оширилаётгани таъкидланган.
“Кўп қиррали муносабатларни кенгайтириш, олий даражада эришилган келишувларни рўёбга чиқариш ва истиқболли лойиҳаларни илгари суриш, ҳудудлар ва ишбилармонлар даражасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда икки давлатда маданий-гуманитар тадбирларни ўтказишда яқин парламентлараро алоқаларни ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга экани қайд этилди”, дейилади хабарда.

Ихтисослаштирилган халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик ва ўзаро мувофиқлашувни кучайтириш муҳим экани таъкидланган.
Live
Барчаси