Мирзиёев Қирғизистон Бош вазирини қабул қилди

Жамият

image

Бугун, 9 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Бош вазири, Президент Администрацияси раҳбари Ақилбек Жапаровни қабул қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, учрашув аввалида Ақилбек Жапаров давлат раҳбарига Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг самимий саломини етказган.

Учрашувда жорий йилнинг январь ойида Бишкек шаҳрида эришилган олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган.

“Ўзбекистон-Қирғизистон кенг кўламли стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, иқтисодиёт, савдо, энергетика, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, учрашувда автомобилсозликда, пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этиш, электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш, фойдали қазилмалар конларини биргаликда ўзлаштириш бўйича кооперация лойиҳаларини жадал суръатда амалга ошириш муҳимлиги қайд этилган.

Маълум қилинишича, учрашувда Қамбарота-1 ГЭСни биргаликда барпо этишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинган. “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли лойиҳасини фаол тайёрлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Шу билан бирга, учрашувда жорий йилда парламентлар, ҳукуматлар, экспертлар, жамоатчилик ва ёшлар даражасида икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор қўшма тадбирларни ўтказиш мўлжаллангани таъкидланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Мирзиёев Ақилбек Жапаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг