Мирзиёев Имомали Раҳмонни туғилган куни билан табриклади
Жамият
−
05 Октябрь 2023
3895Бугун, 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон раҳбари Тожикистон етакчисини таваллуд куни билан қутлаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, биродар тожик халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаган.
Шунингдек, суҳбатда Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларида бугунги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига эришилишида Имомали Раҳмоннинг ҳиссаси алоҳида қайд этилган.
“Фаол мулоқот ва алмашинувлар ривожланиб бораётгани мамнуният билан таъкидланди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда. Савдо, инвестициялар, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор соҳаларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда”, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Билдирилишича, етакчилар минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашган. Душанбе шаҳрида 14-15 сентябрь кунлари ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашуви ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси юбилей саммитининг самарали якунлари юксак баҳоланган.
Маълумот учун, бугун, 5 октябрь куни Имомали Раҳмон 71 ёшга тўлди. 1994 йилдан буён Тожикистон Президенти лавозимида ишлаб келмоқда. 2020 йил октябрь ойида бўлиб ўтган охирги сайловда Имомали Раҳмон 90,92 фоиз овоз тўплаб, бешинчи бор президентликка сайланган.