Мирзиёев геология соҳасидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди
Жамият
−
27 Октябрь 2023
5362Бугун, 27 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев геология ишларини кенгайтириш, фойдали қазилмаларнинг истиқболли конларини аниқлаш ва ўзлаштириш режаларига бағишланган тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тақдимотда соҳада қилинган ишлар, фойдали қазилмаларни аниқлаш ва ўзлаштиришга хорижий ҳамкор ва инвесторларни жалб қилиш режалари кўриб чиқилган.
Унда қайд этилишича, кейинги йилларда геология-қидирув ишлари олдинги даврга нисбатан 3 баробар ошган. 3D сейсморазведка, аэрогеофизика, космогеология, рақамли геология каби илғор усулларни жорий этиш бошланган.
Хусусан, Геология фанлари университети ташкил этилиб, ҳозирги кунда 1,5 минг нафар ёшлар замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаётгани қайд этилган.
Шунингдек, геология ишлари соҳасидаги лойиҳаларга хусусий инвестицияларни жалб қилиш учун қонунчилик базаси такомиллаштирилди ва бошқа зарур шароитлар яратилган.
Бунинг ҳисобига конларни излаш ва ўзлаштириш билан шуғулланаётган тадбиркорлар сони 4 баробарга ошган. Жорий йилнинг ўзида геология ишларига 180 миллион доллар хорижий инвестициялар киритилди, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг умумий қиймати эса 2 миллиард доллардан ошган.
Давлат раҳбари ҳисоботни тинглаб, келгуси йилда геология-қидирув соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 26 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида энергетика бозори регулятори фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот ўтказилган эди.