Мирзиёев эртага Олмаотага боради
Жамият
−
28 Март
3224Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг таклифига биноан эртага, 29 март куни олий даражадаги норасмий учрашув ўтказиш учун амалий ташриф билан Олмаота шаҳрида бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, икки мамлакат делегациялари иштирокида Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини изчил мустаҳкамлаш масалалари ҳамда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилади.
Шунингдек, савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда фаол ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш эътибор марказида бўлади.
Маълумот учун, 2023 йил 3 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Остонада эмас, Тошкентда эмас, айнан кутилмаганда Чимкентда норасмий учрашган эди. Мирзиёевнинг Чимкентга бор-йўғи бир неча соатлик ташрифи АҚШнинг ўша пайтдаги давлат котиби Энтони Блинкеннинг 2023 йил 28 февраль куни аввал Қозоғистонга, сўнг 1 март кунлари Ўзбекистонга сафаридан кейин юз берганди. Ўшанда Мирзиёев ва Тўқаев АҚШ билан муносабатларга боғлиқ масалаларни муҳокама қилганми ё йўқ, буниси мавҳум. Аммо Блинкен ўз ташрифида икки давлатни ҳам Россиядан кутилаётган агрессиядан огоҳлантириб кетган эди. Мирзиёев ва Тўқаевнинг кейинги учрашуви 2024 йил 5 апрель куни Хоразмда бўлиб ўтди. Аҳамиятлиси шундаки, ушбу учрашув яна АҚШ расмийларининг Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташрифидан кейин юз беряпти. Хусусан, америкалик сенатор Стивен Дэйнс жорий йилнинг 26 март куни аввалига Қозоғистонга борди. Сўнг Вакиллар палатаси қўмитаси раиси, конгрессмен Майк Рожерс ҳамроҳлигида Ўзбекистонга келиб, Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов билан учрашди. Президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди. Президентлар Мирзиёев ва Тўқаевнинг Хоразмдаги учрашуви америкалик расмийларнинг ташрифи билан қанчалик боғлиқлиги маълум эмас.
Бу сафар эса Президентларнинг норасмий учрашуви Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Кая Калласнинг икки давлатга сафари ортидан бўлиб ўтмоқда. Каллас кеча, 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, бугун, 28 мартда эса Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қабулида бўлди.
LiveБарчаси