Мирзиёев эртага хорижий сафарга чиқади
Жамият
−
28 Февраль 2023
18675Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 1-2 март кунлари амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Баку шаҳрига ташриф доирасида Ўзбекистон раҳбари Қўшилмаслик ҳаракати саммитининг ялпи сессиясида иштирок этиши кўзда тутилган.
“Озарбайжон томонининг раислигида ўтадиган тадбир кун тартибидан пандемия оқибатларининг таъсири сақланиб қолаётган ҳамда халқаро хавфсизлик ва барқарорликка хавф-хатар ва таҳдидлар кучайиб бораётган шароитда кўп томонлама мулоқотни ривожлантириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари ўрин олган”, дейилади расмий хабарда.
Бундан ташқари, Мирзиёев Алиев билан учрашиб, илгари эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиши режалаштирилмоқда.
Маълумот учун, Қўшилмаслик ҳаракати ҳарбий-сиёсий блоклар ва ташкилотларда иштирок этмасликни ҳамда ҳамкорликни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг принцип ва мақсадлари асосида ривожлантиришни ўз ташқи сиёсатининг асоси этиб эълон қилган 120 та иштирокчи давлатни бирлаштирган энг йирик халқаро тузилмалардан бири ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 21-22 июнь кунлари Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келган эди. Кейин у 15-16 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиш Самарқандга келди. Илҳом Алиев сўнгги бор Ўзбекистонга 2022 йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Туркий давлатлар ташкилотининг саммитида иштирок этиш мақсадида ташриф буюрди.