Мирзиёев эртага Қозоғистонга боради
Жамият
−
16 Июнь
4136Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг таклифига биноан "Марказий Осиё – Хитой" форматидаги иккинчи саммитда иштирок этиш учун эртага, 17 июнь куни амалий ташриф билан Остона шаҳрида бўлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда минтақа давлатлари раҳбарлари ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин иштирок этади. Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилади. Якунда қўшма ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган.
Саммит доирасида Ўзбекистон Президенти Хитой Раиси билан икки томонлама учрашув ҳам ўтказади.
Таъкидлаш жоизки, бу форматдаги биринчи саммит Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида 2023 йил май ойида Хитойнинг Сиань шаҳрида бўлиб ўтган эди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 16 июнь куни Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин Қозоғистонга борганди. Хитой раҳбарининг самолёти Қозоғистон чегарасидан пойтахт аэропортигача Қозоғистон Ҳаво мудофааси кучлари қирувчи самолётлари томонидан кузатиб борилган.
LiveБарчаси