Мирзиёев Эркин Тунияз билан “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темирйўли лойиҳасини муҳокама қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 28 март куни Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур автоном райони Халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз бошчилигидаги делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

“Ўзбекистон ва Хитойнинг кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш, шу жумладан Ўзбекистон ҳудудлари ва ШУАР ўртасидаги амалий алоқаларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Шинжон-Уйғур автоном райони билан товар айирбошлаши ошмоқда – бугунги кунда мамлакатлар ўзаро савдосининг қарийб 10 фоизи шу ҳудудга тўғри келади.

ШУАРнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликдаги инвестиция лойиҳалари портфели 3,5 миллиард долларни ташкил этиб, бугунги кунда “яшил” энергетика ва электротехника, қурилиш тармоғи ва янги турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, металлургия, инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа йўналишларни қамраб олади.

Маданий алмашинувлар дастури фаол амалга оширилмоқда.

Давлат раҳбари ШУАР билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлаган.

Инновацион технологиялар, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт ва логистика, банк-молия соҳаси, таълим, анъанавий тиббиёт каби бир қатор устувор йўналишлар кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон ҳар йили Урумчи шаҳрида ўтказиб келинаётган “Экспо Хитой-Евроосиё” бош кўргазмасида фаол иштирок этиши қайд этилди. Учрашувда гуманитар ва туризм алоқаларини ривожлантириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

“Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темирйўлини қуриш лойиҳасини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Шинжон-Уйғур автоном райони Халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан ҳам учрашган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг